PDA

View Full Version : Qarg'ish...


Shokirbek
08-09-2006, 05:55 AM
Dono xalqimizda "Til yugurigi boshga" degan hikmatli maqol bor.. Darhaqiqat, o'ylab ko'rmasdan beparvolik bilan aytilgan ba'zi gaplar kishilar umriga zomin bo'lishi mumkin. Nainki umr, balki umrga qo'shib oxirat to'shasi bo'lmish iymonni ham barbod qilishi mumkin...

Yaqinda bir birodarimizning arabchadan tarjima qilgan hikoyasini o'qib qoldim, juda ta'sirli ekan.. Tarjimon tarjimaning debochasida mav'iza yo'sinida til haqida uzungina gapirib o'tgan ekan, uni diniy bo'limga ko'chirib, bu yerda bog'ichini berishni, bu yerda esa hikoyani qo'yishni ma'qul topdim..

Hikoyaning u yer bu yerida uchragan imloviy, ba'zi iboralarni ishlatishdagi xatolarni to'g'rilashga jur'at qildim.. Shokirbek.


Қарғиш...
Қинидан суғурилган қилич қанчалар жароҳат етказса, мустаҳкам қалъа* ичидан бемаҳал чиқарилган тил ҳам шу қадар жароҳат етказади. Қилич жароҳати бир кун келиб битиб кетар, аммо тил жароҳатининг битиши мушкул. Унинг оғриқларига, гоҳ каттариб, гоҳ кичрайиб тургувчи битмас яраларига табобат давоси малҳам бўлолмайди. Шоир айтганидек :

Синса кўнгул шишаси тадбир ила бўлмас бутун,
Устухон эрмаски, они рост қилса мўмиё.

Ёшлик чоғида катталар тилидан ноҳақ зарба еган навниҳол ўсмирнинг беғубор қалбига етган жароҳат, у улғайиб ёши бир жойга бориб қолганда ҳам янги чиққан ярадек оғрийди.
Кечиримли бўлишга буюрган ва одамлардан ўтган камчиликларни афв этишга чақирувчи Ислом муолажаси билан бу яра тузалиб кетар. Жароҳат битиб, ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетар... Аммо зарба бегонадан эмас, ноаниқ, кўз илғамас маконлардан эмас, балки ўз тилингиздан келса-чи? Тил иймон амрига қулоқ тутмай, қадрдон соҳибига садоқатни унутиб истеҳкомдан ҳовлиққанча чиқиб ўз эгасига жароҳат етказиб қўйсачи? Эгасининг умр йўлдошига, фарзандларига, молу мулкига зарар етказсачи? Бунинг давоси қаердан изланади? "Ўзимдан чиққан балога қайга борай давога" деб ўзига ўзи марсия ўқийдими?
Табиатан ўйноқи бўлган ўғлингиз шўхлик қилиб ўйнаётган пайтда, билмасдан, баногоҳ сиз суйган, неча йиллардан буён кўз қорачиғидек авайлаб асраб, эҳтиёт қилиб сақлаётган буюмингизни синдириб қўйганда, ўйламай нетмай "қўлгинанг синсин, қўлгинанг ириб тушсин" деб тил тепкисини босиб юборсангиз нима бўлади?! Ўқ нишонга теккач сочингизни юлиб, юзингизни тимдалаб йиғлашингиздан фойда бўлармикин?! Қўли синган ўғлингизнинг суяги битиб қолармикин? Салафлардан бири: "Биҳамдиллоҳким, қирқ йилдан бери ортидан надомат чекиб афсусланадиган калимани оғзимдан чиқарганим йўқ", деган экан.
Сизу биз қирқ йил эмас, тўрт йилдан бери ортидан надомат чекиб афсусланадиган калимани оғзимдан чиқарганим йўқ, дейишга журъат қила оламизми? Тўрт йилни қўйинг, тўрт ойга, тўрт ҳафтага кафолат бера оламизми? Аллоҳ айбларимизни беркитсин .

(Shu yerda tarjimon til to'g'risida mav'iza (http://forum.arbuz.com/showthread.php?p=483921&posted=1#post483921) qilgan)

Ҳаёт деб аталмиш бу кенг дунё ўз бағрида не-не асрорлар ва не-не қувонч ва ташвишларни сақлаб келмоқда. Қувонч ва ютуқлар ортида тилнинг хиссаси қанчалик катта бўлса, фожиа ва кўнгилсизликлар ортида ҳам унинг хиссаси улкан. Ҳаёт архивлари астойдил титилса тил жиноятларига оид кўп ҳужжатлар, ашёвий далилларни қўлга киритиш мумкин. Ҳаётда содир бўлган ана шундай мудҳиш ҳодисалардан бири мени шу мавзуда – қарғиш ҳақида ёзишимга ундади. Узоқ юртларда эмас, ёнгинамизда – Арабистонда бўлиб ўтган, мамлакат аҳлининг диққатини ўзига жалб қилган воқеа қўлимга қалам тутказди.
Бир отанинг ўз ўғлини қарғаб, оқибатда бола ногирон бўлиб қолиш ҳодисаси мени тезлик билан биродарларимни огоҳлантиришга ундади.
Нуқтани суймайдиган дунё ташвишларига вақтинча вергул қўйиб, биргаликда ҳикояни ўқиб чиқайлик.

Таржимон.


============
* Мустаҳкам қалъадан мурод тил ўрнашган жойдир. Тил бошқа аъзолардан фарқли ўлароқ кишини ҳайратини оширадиган, Холиқнинг нечоғлиқ мусаввир эканлигини намоён қиладиган ўринда жойлашган. У кўз, қулоқ, бурун, қўл-оёқ сингари тана ташқарисида жойлашмаган. Юрак, жигар, ўпка сингари ичкарида ҳам жойлашмаган. Тил тиш ва лаблар ортида оғиз бўшлиғи ичида жойлашган. У ташқаридан қалъа деворларига ўхшаш 32та тиш ва осма дарвозани эслатувчи икки лаб, ичкаридан эса том сингари танглай, юқоридан идораларни эслатувчи бошқарув маркази бўлган ақл билан қаттиқ ўраб олинган.

Shokirbek
08-09-2006, 06:01 AM
Қарғиш.


Оний хатонинг абадий жазоси.



Ҳаётимни ўзгартирган ҳодиса.



Танамни тўшакка михлаган икки хато.



Нажот келтирган фалокат.



Ибрат олишга арзигулик менинг фожиали ҳаётий қиссам учун
ушбуларнинг барчаси сарлавҳа бўлишга лойиқ, муносиб...


Яширмайман, очиғини айтаман, мен ножўя хатти-ҳаракатим туфайли падари бузрукворимга осий бўлиб қарғишга учраган фарзандман. Мен атиги бир маротаба, ўйламай-нетмай, ғазаб устида оғиздан ўқдек отилиб чиққан дуойи бад – қарғиш қурбониман.
Шу мудҳиш хато бошқаларда ҳам такрорланмаслиги учун ҳавас қилиб бўлмас, фожиали ҳаётимни ҳеч кимдан сир тутмай сизларга ҳикоя қилмоқдаман.
Ҳа, хато содир этилган вақт кўп соатларни ташкил этмасди. "Қасам Аллоҳгаки, мен сигарет чекканим йўқ," ушбу ёлғон қасамни қойиллатиб айта олишимга бор-йўғи беш сония кифоя қилган эди. "Агар гапинг ёлғон бўлса бўйнинг узилсин..." ғазаб билан отилган учқур ўқ сингари чиққан қарғиш учун ҳам отамга уч сония етиб ортган эди. Ана шу оний хато мени умрбод жазога гирифтор этди.
Ҳаётим шундан кейин ўзгариб кетди. Холиқнинг бандаларига инъом этган буюк неъматларидан бири бўлмиш соғлигимни йўқотган эдим.
Кечагина ишлаб чарчамайдиган, чаққон, абжир йигит бугун бурнига қўнган пашшани ҳайдашга ҳам мадори йўқ шолга айландим.
Атиги саккиз сония ичида ўйламай содир этилган ота-боланинг икки хатоси боис ўн беш йилдан буён тўшакка михланиб ётибман.
Мен ҳалокатга учрадим, ҳаракатсиз тирик мурдага айландим. Лекин ана шу ҳалокат менга нажот келтирди. Мени абадий жаҳаннам азобидан қутқарди. Бошимга тушган мусибат келажакда бошимга бало бўлажак оғир мусибатлардан огоҳ этди.
Агар бенамоз ҳолимда, Роббим мендан ғазабнок, ота-онам норизо ҳолда оламдан ўтганимда чинакам ҳалокатга дучор бўлур эдим.
Фожиа кўзимни очди, Холиқимни танидим. Ҳалокат туртки бўлди, Аллоҳга қайтдим. Кўзим очиқлигида тавба-тазарру қилиб гуноҳлардан тийилдим.
Ота-онам қадрини билдим. Ҳаёт билан видолашмай туриб икки улуғ инсон – ота-онамдан кечирим сўрашга улгурдим.
Иймон билан яшаб, иймон билан ўлмоқ ҳақиқий нажот эмасми?! Ота-онанг ризосини олиб ёруғ дунёни тарк этиш нажот эмасми?!
Шулардан келиб чиқиб, ўн беш йиллик ибратомуз ҳаётий қиссамга беш сарлавҳа кўплик қилмайди, деб ўйлайман.


Қисса қаҳрамони.

Shokirbek
08-09-2006, 06:07 AM
Таржимондан:

Ҳордиқ

1991-йил... Жидда шаҳри.
Саратон кирмасданоқ ҳаволар қаттиқ исиган. Аксига олиб баҳор ҳам кўнгилдагидек бўлмади. Ёғингарчилик йўқ, қуёш аёвсиз қиздиради. Гўё баҳор ёз алангасидан қочгандек майдонни аллақачон тарк этган. Аслида ёмғир пақирлаб қуйиладиган бу паллада осмондан бир томчи ҳам сув тушгиси келмайди. Тўғри, ҳар замонда осмонни қора булут қоплаб турди. Буни кўрган одамлар қувонишди. Ҳаво дим, беҳузур бўлишига қарамай "ҳозир ёмғир ёғса ҳаммаси ўтиб кетади", деган умидда иссиққа бардош қилишди. Бироқ ҳа деганда ёмғир ёғавермади. Саф-саф бўлиб келган ғуж қора булутлар, саф-саф бўлиб ўтиб кетди. Номига бўлсада ёмғир сийпаламади.
Сунъий ҳаво совутгич – кондиционер остида жон сақлаб ётган шаҳар аҳли тор уйларда ўтираверишдан диққинафас бўлиб ташқарига отилган. Кимлардир кенгликни қўмсаб шаҳар ташқарисига – саҳрога отланса, кимлардир қизил денгиз соҳилларига келган.
Шаҳар ичидаги дарахтлар кунда остига қуйладиган сувдан симиравериб қаддини тиклаб, рост турибди. Ёмғир сувидан кун кўрадиган шаҳар ташидаги дов-дарахтлар эса сувсизликдан қовжираб тумтайиб олган. Онда-сонда айрим йўловчилар ҳиммати жўш уриб дарахтлар остига қуйиб кетадиган сув у дарахтнинг илдизини хўллашга ҳам етмайди. "Дарахтларни суғориб қўйдик" дея гердайиб қайтаётган йўловчига "қўл билан берганга қуш тўймайди, гуноҳларингни касри уриб ёмғирдан маҳрум бўлдик", дегандек, дарахтлар баргларини бир шитирлатиб қўяди.
Одамлар ирғитиб кетган дастурхондан ўз насибаларини бири опичлаб, яна бири судраб инига ташиётган турли қурт-қумурсқалар ҳам "садқайи одам кетинглар-е, гуноҳларингга тавба-тазарруъ қилсаларинг бўлмайдими? Ёмон ишлардан тийилмайсизларми? Сувсизликдан ҳамма ер қуриб, қақшаб кетди-ку" дегандек саҳро меҳмонларига қавоқ уйиб олишган.
Чарчоқ ёзгани чиққан бу одамлар эса табиатнинг унсиз шикоятига парво қилмай ўйин кулги билан оворалар. Тўғрида, бугун эрта дам олиш куни, ўйнаб, дам олиш керак. Шанбадан яна иш, ўқиш, меҳнат, ташвишлар бошланади. Буёғига имтиҳонлар ҳам остона ҳатлаб эшик қоқмоқда.
Ҳикоямиз қаҳрамони, замондошимиз Абдуллоҳ ибн Умар Бонеъма бу гал саҳрога чиқмади. Дўстлари билан, тўғрироғи, бевафо ошналари билан (буни у кейинроқ билди) қизил денгиз соҳилига чиқишди.
Ўн нафардан ортиқ ошналари орасида савлат тўкиб ўтирган ҳов анави бўйдор йигит қиссамиз қаҳрамони Абдуллоҳ.
Ҳўл ўтин аланга олишга қийналиб ҳамма ерни қуюқ тутун қоплаганидек, йигитлар даврасини ҳам буруқсиб чиқаётган сигарет тутунлари қоплаган. Бир чеккада гапга аралашмай шумшайиб ўтирган йигитчани ҳисобга олмаганда, даврадагиларнинг деярли барчаси сигарет кашандаси. Ошналари мурувват қилиб узатаётган сигаретни олишдан бош тортаётган бу йигитчани ҳам тез кунда сигаретга ўргатиш ниятлари йўқ эмас. Абдуллоҳдек иродали, спортсмен йигитни ўргатиб юборишди-ю, бу тирранча нима?
Айтмоқчи, аввалига Абдуллоҳ сигарет чекишга кўнмади, балки қарши чиқди. Спортнинг уч-тўрт тури билан шуғуллангани бунга сабаб бўлдими, ёки намозхон ота-онанинг уй ичида қаттиқ қаршилиги бўлдими, ҳар қалай, Абдуллоҳ ўртоқлари таклифига дарҳол кўна қолмади. Лекин, бари-бир, кўпчилик кучлик келди. "Ўғил боламисан хи... хи... хи..." деб тенгдошларининг калака қилиши, "пулинг бўлмаса, бериб турамиз", деб камситишлари жонидан ўтиб кетди чоғи, "эй, чекканим бўлсин" деб сигарет чекишга ўрганди.
Абдуллоҳ ҳаётини ўзгартириб юборган ўшал мудҳиш ҳодисанинг ибтидоси айни шу кундан – Абдуллоҳнинг енгилтаклик билан нотўғри қабул қилган қароридан бошланган эди. ( Буни у кейинчалик англаб етди). Балким, хунук ҳодисаларнинг ибтидоси Абдуллоҳ ёмон болаларга қўшилган кундан бошлангандир. Балким... Келинглар Абдуллоҳ воқеасини унинг ўз оғзидан эшитайлик. Биз фожиали бу ҳодисани ёритишга ҳар қанча уринмайлик, бари бир, у воқеаларни ўз бошидан кечирган, у алам-оғриқлар ичида ҳис-туйғуси, қалби, тани-жони билан яшаб, оғриқларни ҳис қилган кишидек бўла олмаймиз. Шунинг учун қиссани қаҳрамоннинг ўзи ҳикоя қилгани жонлироқ. Биз эса сизлар билан биргаликда ибратли воқеа жараёнини четдан туриб кузатиб борамиз. Зеро, қаҳрамонимиз фожеаси тақдир қалами билан битиб бўлинган фожеадир, уни ўзгартириб бўлмайди. Биз уни бўрттиришимиз ёки нималарнидир риоя қилиб ўзгартириш киритишимиз қаламимиз иши эмас. Буни бандалар қалами уддалай олмайди. Илло, (шуни ҳам эслатмоқ керакки) ҳикоя оқими талаб қилган ўринларда, қаҳрамонимиз қисқача баён қилган шарҳталаб ҳолларни ёритиш мақсадида айрим иштирокчиларни четдан чорлаб уларга бадиий тус бердик, яъни аслида бор тирик шахслар воқеасини бу қиссага қўшиб юбордик.

Shokirbek
08-09-2006, 06:11 AM
Қувноқ дамлар.

Мен Абдуллоҳ ибн Умар Бонеъма асли Яман диёриданмиз. Намозхон хонадоннинг фарзандиман. Ака-укаларим бор. Ёшлигим жуда яхши, қувноқ ўтди. Истаган нарсам муҳайё эди. Камчилик деган нарсанинг ўзи йўқ. Мактаб ёшига етганимда кечиктирмай мактабга беришди. Бошланғич марҳалада яхши ўқий бошладим. Ота-онам ўқишимдан, юриш-туришимдан мамнун. Ишга ва ўқишга бўлган лаёқатимдан қувонишар эди. 8-синфгача ҳаётим шу зайлда давом этди. 8-синфдан эса ҳаётим ўзгараётганини, нафақат ҳаётим, балки ўзим ҳам ўзгараётганимни ҳис қила бошладим. Илгарилари ўқитувчимиз сўзларига диққат билан қулоқ солардим. Энди эса танаффусни кутадиган бўлиб қолдим. Қачон қўнғироқ чалинади-ю, қачон дўстлар билан учрашиб бемалол суҳбатлашамиз. Суҳбатларимиз жуда қизиқарли, домланинг дарсидек малоллантирадиган эмас.
Йиғилганларнинг бири кеча тунда томоша қилган янги ҳинд кинофилмидан завқланиб гапирса, яна бири Американинг жанговар филмларидан оғиз кўпиртириб гапиради. Яна бири дадасининг машинасини минганидан мақтанса, яна бири бозорда ишлаб анча пул топганидан мақтаниб гапиради. Шу йўсинда зерикиш нималигини билмай кунларимиз ўта бошлади. Кунлардан бир кун бозорда ишлаб, пул топадиган дўстим киссасидан сигарет олиб, ҳамманинг ёнида тутатиб чека бошлади. Йиғилганларнинг ҳаммаси ҳайратда қолди. Дўстимиз эса пинагини бузмай сигаретни чуқур-чуқур тортиб, тутунини оғзидан халқасимон шаклида чиқара бошлади. Бояги хайрат янада ошиб кетди.
– Бир кунга бир пачка етади. "Марлборо" олаяпман. Шу тузукроқ, арзон, бор-йўғи олти риёл туради холос. "Голдлайфлар" бир оз қимматроқ,-деди дўстим.
Олти риёл арзон?! Қандай қилиб олти риёл арзон бўлсин? Бир кунда бир қутидан тугатаётган бўлса, демак кашанда бўлиб қолибдида? Сигарет чекишни аввалдан бошлаган эканда? Бир кунда сигаретнинг ўзига олти риёлдан сарфласа, бу бир ойда бир юзи саксон риёл дегани-ку? Биз ака-укаларга отамиз ҳар куни эрталаб икки риёлдан пул беради. Бир риёлга орасига пишлоқ ёки бошқа бир нарса суртилган нон харид қиламиз, қолган бир риёлга эса мева шарбатидан олиб мактабда нонушта қилиб оламиз. Демак дўстимнинг дадаси ҳар куни унга икки риёлдан кўпроқ пул берар эканда? Нега дадам бизга озгина беради, деган саволлар менинг миямда чувалашиб қолди. Дўстимнинг ҳар икки гапининг орасида мақтаниб айтадиган мана бу сўзлари эсимга тушмаганида эди, миямда чувалашган саволларга асир тушиб қийналган бўлур эдим. "Дадам манга бир тийин ҳам бермайди,бахил. Паханга болалари керак эмас. Ўзининг маишатини сурса бас. Ўзим бозорга чиқаяпман. Дада бир риёл беринг, ая, бир риёл беринг, деб ялингандан кўра бозорга чиққаним минг марта афзал".
Дадам мендаги ўзгаришни пайқадими, ёки ўзимнинг спортга қизиққаним бўлдими, мени спорт билан шуғулланишга ундади. Спортнинг карате ва бошқа турлари билан шуғуландим. Бўш вақтларимда дўстларим билан учрашиб турардим. Саҳро, денгиз соҳилларини канда қилмадик. Сизга таниш даврамизнинг бир чеккасида гапга аралашмай ўтирган дўстим кўринмай қолди.
Дўстлар билан ўтадиган учрашувларимизни сигаретсиз тасаввур қилиш қийин. Сигарет ҳаётимиздаги асосий эҳтиёжлардан бирига айланиб бўлган эди. Дастлаб чекишга қийналдим, ҳеч кўника олмадим. Кунига бир донадан чекиб, бора-бора кўникиб кетдим.

Shokirbek
08-09-2006, 06:13 AM
Завол

Кунларнинг бирида шаҳримиз ёшларининг одатидек ярим кечаси соат бирларда уйга кириб келдим. Ёшим ўшанда ўн тўққизда эди. Одатда уйга кираётганимда сигарет билан зажигалкани беркитиб кирар эдим. Бу гал сигаретни беркитибман-у, зажигалкани беркитишни унутибман. Уйга кириб келдим. Онам ҳар доимгидек мулойимлик билан "овқатингни еб ол" деди. Дадам эса авзойи бузуқ. Нимадандир дарғазаб кўринар эди.
– Бери кел!- деб чақирди.
Яқинлашиб салом бердим.
– Ассалому алайкум.
– Ва алайкум...- тўлиқ алик қайтардими ёки қолганини ичида айтдими эшитмай қолдим.
– Қаерда юрибсан?! Жуда кеч келадиган одат чиқариб олдинг.
– Кеч эмас, энди соат бир бўлди-ку.
– Соат бир кеч эмасми? Қаерларда изғиб юрибсан.
– Дўстларим билан соҳилда эдик.
– Дўстларим эмиш. У кўча болалари одамга дўст бўлмайди. Бир кун келиб панд беради. Лабингни тишлаб қолмагин тағин.
–........
– Сигарет чекдингми?
– Йўғе, сигарет чекмайман.
– Бўлмаса, анави зажигалка чўнтагингга қаердан тушиб қолди.
Мен ёлғон гапириб, авзойи бузуқ, дарғазаб дадамнинг ғазабига керосин сепиб қўйдим.
– А буми, бир дўстимники.
– Ҳой бола, мени алдама, тўғрисини айт. Мен сенга ёш бола бўлиб қолдимми? Ошнанг чекади-ю, зажигалкани сенинг чўнтагинга солиб қўядими? Бу чўпчакни менга айтма.
Бизникига меҳмонга келган амакимнинг ёнида дадамнинг бақириши менга таъсир қилди-ми ёки йигитлигим тутдими, мен ҳам овозимни кўтардим. – Йўқ, чекмайман дедим-ку. Нимага ишонмайсиз? Қасам ичайинми? Қасам ичсам ишонасизми? Аллоҳ номига қасамки сигарет чекканим йўқ. Бўлдими, энди ишондингизми?!- деб дадамга овоз кўтардим. Бу ҳаётим давомида дадамга биринчи ва охирги бақиришим эди.
– Ҳой бола! Ёлғон қасам ичма! Агар ҳақиқатда чеккан бўлсанг бўйнингга ол. Гапинг ёлғон бўлса бўйнинг узилсин,- деб қарғаб қўйди.
– Қўйинг дадаси диққат бўлманг. Чекмадим деди-ку. Бўйнинг узилсин деманг. Фаришталар яхши гапга ҳам ёмон гапга ҳам омийн дейшади,- деди онам. Агар онам гапга аралашмаганда ота-бола ўртасида каттароқ жанжал чиқиб кетиши мумкин эди. Ҳар ким ўз хонасига кириб кетди. Мен ҳеч нима бўлмагандек овқатимни еб хонамга кириб ётдим. Орадан уч соатлар чамаси вақт ўтгач тўрт томондан муаззинларнинг. " Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар....." деган азон нидолари эшитила бошлади. Кўзимни очиб соатга қарадим, соат тўртдан йигирма дақиқа ўтибди. Ўқиш соат еттидан кейин бошланади. Бир оз ухлаб олай, деб кўрпага ўраниб олдим. Муаззинлар ҳануз азон айтмоқда. Уйимиздан тўрт эшик нарида жойлашган масжид муаззини гўё қулоғим остида келиб бақиргандек. "Ассолату хойрум минан навм" – "Намоз уйқудан яхшироқдир" деб овозини баралла кўтарди. Мен эса бошимни кўрпа остига тиқиб олдим. Хона эшиги очилиб дадам намозга уйғотди, ўзи шошилиб масжидга чиқиб кетди. Қуёш анчагина кўтарилиб қолгандан кейин уйқудан турдим. Юз қўлимни ювиб онам ёнига кирдим. Онам хурсанд кўринар эди.
– Ҳа, Онажон хурсанд кўринасиз.
– Шундай ўзим... Худойим суюнтиришдан қўймасин.
– Айта қолинг онажон, нимадан хурсандсиз?
– Эзмагина боламей, айтсам айта қолай. Сен ҳам бир нарсанинг тагига етмагунингча тинчимайсан. Бундан бир неча йил муқаддам ёмон туш кўрган эдим. Ўшанда сен беш ёшда эдинг. Тушимда биров келиб " ўғлинг Абдуллоҳ ўн саккиз ёшида мурдага айланади" деган эди. Қўрқиб ўрнимдан сакраб туриб кетдим. Орадан ўн уч йил ўтди. Ўн саккиз ёшга кирдинг, ҳавотирлигим ошди. Лекин шукр бўлсинки ҳеч нима содир бўлмади. Мана ҳозир 19 ёшга кирдинг, соғ омонсан. Кўзга яқин, кўркам йигит бўлдинг. Сенга мўлжаллаб юрганларим бор... Шуларни ўйлаб суюниб ўтирган эдим. Тушга нималар кирмас экан-а.
Ўғлим, кеча отангга бақириб қўйдинг. Биласанку, ота-онага "уф" дейиш катта гуноҳ. Отанг бечора болаларим бировдан кам бўлмасин, кўнгли ўксимасин, давримда ўқиб олсин, деб кечаю-кундуз тиним билмайди. Оталарингга ҳам раҳм қилинглар. Ҳали ишдан қайтганларида кечирим сўрагин, хўпми?
– Хўп, онажон. Келсалар кечирим сўрайман.
Онам хурсанд бўлиб турган бу қулай фурсатдан фойдаланиб кўнгил қўйган қизим ҳақда сўз очгим келди. Хаёлимга шошиб келган бу фикрдан дарҳол қайтдим. Ҳозир фурсати эмас. Онамга бу ҳақида гапирсам, онам албатта отамга айтади. Отам ҳали бери ғазабдан тушадиганга ўхшамайди. Онам режани бузиб қўйишлари мумкин. Агар отам "йўқ" деса, тамом. Бу иш пишмайдиган савдога айланади. Икки уч кун ўтгандан кейин отам ҳовридан тушгач бу ҳақида секин оғиз очаман.

Shokirbek
08-09-2006, 06:15 AM
Қадар келса кўз кўр бўлар

Шу суҳбатнинг эртаси куни ўйин кулгига тўймайдиган дўстларим мени бассейнга чақириб қолишди. Чўмилгани бордик. Бассейннинг чуқурлиги бир ярим метрдан уч метргача эди. Йигитлар ўз ҳунарларини бирма-бир намойиш қилиб ҳар хил йўсинда чўмила бошлашди. Кимдир ҳавода бир- икки айланиб салто отиб ўзини сувга ташлади. Кимдир юқорига кўтарилиб "смирно" буйруғини олиб қотиб қолган солдатдек ўзини юқоридан сувга отди. Эндигина чўмилишни ўрганаётганлардан бири сувга калла билан шўнғийман деб қорни билан тушиб ҳаммага кулги бўлди.
Мен юқорига кўтарилиб чуқурлиги 3 метр деган жойга ўзимни ташладим. Мен мўлжалдан адашган эканман. 3 метр деб ўйлаган чуқурлик 2 метр экан. Менинг бўйим 182 см эди. Бошимни пастга қаратиб ўзимни сувга отдим. Сувга тушганим заҳоти кўзимдан ўт чиқиб кетди. Нима, мен сувга тушдимми ёки бетонгами? Сув остида бўйнимнинг қисир-қисир деган товушларини ҳам эшитдим. Юқорига кўтарилишга уриндим, бўлмади. Бор кучимни йиғиб бошимни кўтармоқчи бўлдим, бўлмади. Менинг бўйним синган эди. Ёнгинамдан бир йигит сузиб ўтди. Бир қарич наридан сузган бу йигитга қўлимни чўзмоқчи бўлдим, чўзаолмадим. Оёғимни ҳаракатлантириб секин тепаликка кўтарилмоқчи бўлдим. Оёқларим қимирламади. Сув остида ким кўп туриш мусобақаларида 3 дақиқа сув остида туриб тенгдошларим орасида ғолиб чиқардим. Мана ҳозир уч дақиқадан ўтди. Мен эса ҳаракатсиз сув остида ётибман. Тўрт дақиқа ўтди, беш дақиқа... Шунда жуда қизиқ ҳол бўлди. Гўё сув остига кимдир телевизор ўрнатиб қўйгандек бутун ҳаётим кўз ўнгимдан видео сингари ўта бошлади. Беш ёшлигим, ота-онамнинг мени суйишлари. Мактабим,ўқитувчилар, менга сигарет узатаётган ўртоғим. "Чекмайман, отам билиб қолса ёмон бўлади" деганимда ўртоқларимнинг қаҳ-қаҳ отиб кулишлари, саҳролар, денгиз соҳиллари, қўлини очиб дуо қилаётган қари тиламчи кампир. Во ажаб! Ҳа, ўша кампир... Бундан бир неча йил илгари бир камбағал кампирга арзимас 2-3 риёл пул берган эдим. Ўша пулим ҳам, ўша кампир ҳам кўзимга кўриняпти-я. Шунда ҳаёлимга "Эзгу амаллар турли офатлардан асрайди" дейилган ҳадиси шариф келди.
Мен энди ўламан, деб ўйладим. Икки шаҳодатни айтишга шошилдим: "Ашҳаду анла илҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳ ва расулуҳ". "Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ чин маъбуд йўқ эканлигига гувоҳлик бераман. Унинг ўзи ёлғиздир ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва росули эканлигига гувоҳлик бераман."
Мана ҳозир кўзим юмилади, ҳеч нимани кўрмай қоламан. Мана ҳозир жоним суғуриб олинади... Алвидо, хайр онажон, хайр отажон, хайр...
Лекин мен ўйлаганим бўлмади. Бутун ҳаётим магнит лентасига ёзилган филмдек кўз ўнгимдан ўтаверди. Яна бояги қари кампирнинг қўл очиб дуо қилаётганини кўрдим. Шу пайт икки забардаст қўл икки қўлтиғимдан тортаётганини ҳис қилдим. Уч тўрт киши ўзларини сувга ташлаб мени сувдан чиқара бошлашган эди. Мени судраб чиқариб қорним билан ерга ётқизиб қўйишди.
– Осмонга қаратиб қўйинглар. Кўксини босиб ичидаги сувни чиқаринглар. Сен қўлини, сен оёғини ушла, деб кимдир бақира кетди. Мени ётган ўрнимдан ағанатмоқчи бўлдилар. Бутун жасадим айланди, лекин бошим ўз ўрнида қолди. Юзим ҳануз ерга қараб қолганича қимир этмади. Йигитлар ўзлари билганларича менга аввалги тиббий ёрдамни кўрсатишди. Баданимга тегаётган ҳар бир қўл гўё менга отилаётган харсанг тошдек оғриқ берарди. Мен тишимни тишимга босиб бардош қилдим. Бироздан сўнг касалхонага олиб кетишди. Йўлда кетаётиб ҳамроҳимга " уйга дарҳол телефон қилинглар агар онам жавоб берса, ҳеч нима деманглар телефонни қўйиб қўйларинг. Онам билмасин касал бўлиб қолади. Отамга хабар беринглар, отамга..."

Shokirbek
08-09-2006, 06:18 AM
Касалхонада

Ҳаял ўтмай отам етиб келди. Касалхонага яёв келганми ёки ўзининг тоби йўқми, ҳар нечук тез-тез нафас оларди. Айтишларича ўша куни менинг юзим кўмирдек қоп-қорайиб кетган экан. Баданим гўё уйдаги игна санчғич ёстиқчага ўхшаш игна билан тўлиб кетган эди. Ишонаверинг оёғимдан бўйнимгача игна. Ҳар икки ёнимда кийим илгични эслатувчи узун темирда осма укол, бошимга қавссимон мослама ўрнатиб қўйишган, унинг икки ёнидан иягимгача михга ўхшаш узун темир чиқиб турибди.
Отам аввалига мени танимади. Хонадаги беморлар ёнидан ўтиб борди. Мени топа олмай хонадан чиқиб кетмоқчи бўлди. Шунда тепамда турганлардан бири:
– Амаки кимни қидираяпсиз?-деди.
– Кечирасиз адашибман- деди отам.
Мени излаб бошқа хонага чиқиб кетмоқчи бўлган пайтда " дада" деб чақирдим. Дадам ялт этиб менга қаради. Яна танимади чоғи остонада бир оз термилиб тўхтаб қолди, танигандан сўнг йиғлаб юборди. Дадамни йиғлаган ҳолда ҳеч кўрмаган эдим. Менинг кўзимда ҳам ёш қалқиди. Дадам мен ётган ўринга яқин кела бошлади.
Ёнимда уч тўртта дўстларим бор эди. Уларнинг бири устига қип-қизил таранг футболка, тор жинси шим кийиб олган, яна бири почасидан келадиган шим, олдига ажнабий, тушунарсиз ёзувлар ёзилган енгсиз ола-була футболка кийиб олган. Яна бир дўстимнинг тароқсиз, тўзиган сочи елкасига тушган, узун-узун бу соч юзининг ярмини тўсиб туради. Кийган шими тиззасини ҳам ёпмасди.
Дадам истар истамас улар билан кўришиб чиқди. Кўришиб бўлгач менга яқинлашиб қўлини чўзди. Мен дадамга қўл чўза олмадим. Мен ҳаракатдан маҳрум, қўл оёқдан мосуво бўлган эдим. Дадам кўзидан томаётган ёш селга айланди.
– Кечиринг дадажон кеча билмайин сизга бақириб қўйибман. Энди асло бақирмайман, энди асло сигарет чекмайман.
– Сен мени кечир ўғлим, қариб ақли кирмаган, оғзининг таноби қочган отангни кечир. Шундай бўлади деб ким ўйлаб эди-я. Сен ўзингни қийнама, йиғлама, яхши бўлиб қоласан, ҳаммаси ўтиб кетади, инша Аллоҳ.
Дадамнинг қўллари қалтирар эди. Юзини мендан бурмай ортида турган курсини қўли билан пайпаслаб топиб ўтириб олди.
– Ойим билдиларми?
– Билди...
– Кайдан билдилар?
– Биладида ўғлим, қандай билмасин.
–...
Бошқа ҳеч нима сўрамадим. Кўзимдан сизиб чиқаётган ёш дадам ёши сингари шовиллаб оқа бошлади. Боядан бери тепамда оқ сақич чайнаётган калта шим кийиб олган дўстим кўзимга хунук кўриниб кетди, нафратландим.
Ҳамшира қиз кириб келди. Шошилинч операция ўтказиш кераклигини билдириб отамга қандайдир варақларни тутди. Дадам қалтироқ қўллари билан нимагадир имзо чекди.
Операция хонасига олиб киришди. Ўпкам ишдан чиққан экан. Операция тугагач хонамга қайтаришди. Операциядан олдинги оғриқ икки-уч баробар кучайган эди. Мен гоҳ инграб, гоҳ бақириб ётар эдим. Бошқалардек хонани бошимга кўтариб бақирмасамда, лекин инграб-инграб бақириб қўяр эдим. Хонага онам кириб келди. Унга салом бермоқчи бўлдим. Тилим айланмади. Оғзимга бир калима келмади. Мен тилдан қолган эдим. Тўққиз ой гапира олмадим.
Онам кўҳликкина, кўркам, ёш жувон. Бизни жуда яхши парваришлаган. Касалхонада ётиб шуни қайта гувоҳи бўлдим-ки, она фарзанди учун энг яқин, садоқатли, ғамхўр, меҳрибон, фидойи дўст экан. Мен буни тўрт йил давомида бемористонда яшаб гувоҳи бўлдим. Онам бечора бир кечанинг ўзида етти маротаба уйғониб, менга қарар эди. Ҳали пешонамни қашийди, ҳали сув ичқизади, ҳали тувагимни алмаштиради.
Икки ойдан кейин қайта операция қилишди. Мендан тинмай қон кетарди. Қонни қаердан кетаётганини топа олишмади. Яна операция хонасига олиб кирилдим. Яна ўша жарроҳлик асбоб-анжомлари – ништар, дренаж, шприц, ингичка- қалин шиланглар, турли қайчилар...
Менга бу гал наркоз беришмади. Миям наркозни кўтара олмас эмиш. Қўл-оёғим шол бўлганидек, мия ҳам ишдан чиқиб шол бўлармиш. Жарроҳлар айтиши бўйча операциядан бўлган умид беш фоиз экан холос. Ё ҳаёт, ё мамот...
Алҳамдуллаҳ, операция яхши натижа билан якун топди. Наркоз олмай танамга тортилган тиғ аламларини эслаш мен учун жуда оғир. Тасаввур қилинг, қўл-оёқ ишламайди, тил соқов, тепамда эса тўрт-беш забардаст киши қорнимни ёриб чуқилашмоқда. Мен ўз оғриқ аламларимни ожизлар таъбири бўлмиш кўз ёшларим билан ифодалашдан ўзгасини эплай олмайман. Шу зайлда тўрт йил касалхонада ётдим. Дадам бечора мени даволатиш учун қарзга ботиб, уй-жойни сотишга мажбур бўлди. Шундан буён тўшакда ётаман, ёнимдан зиёратчилар аримайди.

Shokirbek
08-09-2006, 06:19 AM
Зиёрат

Уйимиз ҳар куни зиёратчилар билан гавжум. Мени таниган-танимаган кишилар йўқлаб келишади. Ҳатто бошқа шаҳарлардан ҳам қидириб келувчилар сони ортиб бормоқда. Матбуот, телевидениедан мухбирлар келиб мен билан суҳбат ўтказиб суратга олиб кетишди. Мен келган меҳмонлар билан овуниб зерикиш нималигини билмай кунни кеч қиламан. Эртаси тонг отгач яна зиёрат, ширинликлар, шарбатлар, гулдасталар, мароқли суҳбатлар, танишув, ибрат ва сабоқлар бошланади.
Буларнинг барчаси нега, нима учун, деб ўйлайман. Мен бу одамларга кўп яхшиликлар қилиб қўйганманми? Улар мендан қарздорми? Ким уларни ўз юмушларини ташлаб, дам олиш вақтларидан кечиб менингдек хаста ёнига келишга ундамоқда? Қайси куч уларни бунга мажбур қилмоқда?
Уч тўрт кунда ёнимга келиб зиёрат қилувчи киши дейди: "Сизни кун ора, балки ҳар куни зиёрат қилгим келади-ю, вақт топа олмайман. Дунё ташвишидан қутулиш жуда қийин экан".
Бу қадар меҳрибонлик, бу қадар мурувват, бу қадар муҳаббат, гўзал оқибат қердан келди? Нега улар ўзларини менинг олдимда қарздор деб билмоқдалар?
Ҳеч шубҳа йўқки, буларнинг барчаси улуғ динимизнинг гўзал таълимотларидандир. Қаранг, динимиз нақадар инсонпарвар, олийжаноб, улуғвор, ёрқин, покиза диндир. Мени шу динга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамду сано айтгум. Илоҳо, бу динни биз сендан сўрамасимиздан олдин бизга инъом этдинг, энди биз сендан ялиниб-ёлвориб сўраймиз бу улуғ инъомингни биздан ҳаргиз жудо этма.

Shokirbek
08-09-2006, 06:21 AM
Зиёрачиларнинг яна бири ҳикоя қилади:

"Мен бетоб бўлиб кўрпа ёстиққа ўраниб ётиб олдим. Шаҳар касалхонасига ётқизишди. Касал кўп, ҳамма хона касал билан лиммо-лим тўлган. Хонада беш киши ётамиз. Менинг ёнгинамда мамлакатдаги Арамко фирмасида ишлайдиган америкалик ётади. Биз унинг тилини тушунмаймиз, у бизнинг тилни тушунмайди. Уни биров йўқлаб келганини ҳеч кўрмадим.
Зиёрат пайти бўлди дегунча ҳаммамизнинг ёнимизда одам кўпайиб кетади. Зиёратчилар ҳамма билан бирма-бир сўрашиб америкалик ёнига ҳам боришади. Ҳол-аҳвол сўрашади. Кўтариб келган нарсалардан унга ҳам насиба беришади. Баъзи зиёратчи кексалар унинг инглиз эканини билмай ўзимизнинг тилда гапира кетишади.
– Ҳа ўғлим, яхшимисиз? Аллоҳ шифо берсин. Ҳеч койинманг ҳаммаси ўтиб кетади. Ўлмаган жон пешонадагини кўраверар экан. Касаллик гуноҳларга каффорат. Бир иситма чиқса гуноҳлар дарахт барги тўкилганидек тўкилар экан, ҳадисда келган. Бу фақат пайғамбаримиз умматларига хос. Алҳамдулиллоҳ. Мустафога уммат қилганига шукр, Илоҳо. Мустафонинг шафоатларидан маҳрум этма... Майли ўғлим мен турай энди. Сизнинг ҳам ҳали замон бола - чақангиз, дўст - ёрларингиз келиб қолишади.
Бир куни у мендан тилмоч орқали сўраб қолди:
– Сенинг зиёратингга келаётганларнинг ҳаммаси қариндошларингми?
– Ҳаммаси ҳам қариндош эмас. Келаётганларнинг ярмидан кўпи дўстларим. Синфдош дўстлар, ишхонадаги дўстлар, маҳалладош дўстлар.
– Менинг қариндошларим Америкада, синфдош ва маҳалладош дўстларим ҳам олисда. Ишхонадаги дўстларим-чи, улар қаерда? Шу пайтгача уларнинг биронтаси "ҳолинг нима бўлди?" деб сўраб келмадия.
Мен ғалати ҳолатга тушиб, нима дейишимни билмай хайрон бўлиб қолдим.
– Бояги чол нималар деди?-сўради у.
Мен мўйсафид кишининг ҳамма гапини оқизмай томизмай айтиб бердим. Таржимонлик қилаётган духтир йигит ўзидан бир нарсалар қўшиб юборди шекили, гапи сал чўзилиб кетди.
– Сенда инглиз тилида чоп этилган Ислом ҳақида китоб борми?- сўраб қолди америкалик.
– Менда-ку йўқ, лекин топса бўлади,-дедим.
Эртаси куни инглиз тилида чоп этилган Ислом арконлари ва Ислом ахлоқ-одоблари ҳақида қисқача ёзилган кичкина китоб олиб келиб беришди. Мен уни америкаликка бердим. Орадан уч кун ўтди. Кечаси кеч ётган эдим бомдод намозига зўрға турдим. Ҳайрият энди азон айтиб бўлган экан. Таҳорат олиб касалхона масжидига тушдим. Масжидга кирсам намозхонларнинг биринчи сафида бошига оқ дўппи кийган хонадошим, сап-сариқ америкалик ўтирарди. Намоздан сўнг аста ёнига бордим. Қўлида мусҳафи шариф. Кўзларидан марварид сингари ёш оқаяпти. У Қуръоннинг "Фотиҳа" ва "Бақара" сураларини очиб ўпа бошлади, кўзларига суртди. "Парвардигорим китобингдан ўргилай. Шукрким кеч бўлса ҳам қўлимга олдим. Илоҳо, китобингни ўқиб, англаб, амал қилишга ёрдам бер... Ғафлатда ўтган бандангни афв айла... Мустафога уммат қилганингга шукр. Мустафо шафоатларидан маҳрум этма." Мен бу манзарадан қаттиқ таъсирланиб оҳиста орқага қайтдим. Хонамизга кўтарилиб намозга тушмайдиган хонадошимизга бўлган воқеъани жўшиб айтиб бердим. У пинагини бузмай: Ҳмм, деб қўйди..."

Зиёратчилар ана шундай ҳикоя ва қиссаларни айтиб бериб менга тасалли беришади. Мен эса улар ҳикояларига қулоқ осиб жимгина ётаман.

Shokirbek
08-09-2006, 06:25 AM
Менинг хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан яна бири, ҳар замонда мени кўргани келувчи ота-бола ҳикоясидир.
Бир куни уйимизга келишган бир йигит ўғли билан кириб келди. Чамамда, йигитнинг ёши мен билан тенгроқ. Ўғли эса 11-12 ёшлар атрофида. Улар кириб келиши билан зиёратчилардан бири: – Келинг қори бола, келинглар, марҳамат, деб кутиб олди.
Ота-бола аввал мен билан, сўнгра хонадагилар билан бирма-бир сўрашиб бўш ўринлардан бирига ўтиришди. Қори деб аташган кичкина бола ҳам катталардек одоб билан сўрашиб чиқди. Устидаги оппоқ дид билан дазмолланган кийими, бошидаги оппоққина тўр дўписи ўзига ярашган эди.
Бу болани қаердадир кўргандек бўлдим. Кимгадир ўхшатдим, эслай олмадим. Айниқса қош-кўзлари кимгандир ўхшар эди, эслолмадим.
–Қори бола бу рамазонда 30 пора Қуръонни кўтардиларда,- деди бояги киши қўлидаги қаҳвадан бир ҳўплаб олиб -оталарига раҳмат. Ўғилчани ёшлигида ўқитиб қори қилиб қўйдилар.
Баъзи ота-оналар боласини кўча учун туққанга ўхшайди.Ундай шум болаларни кўриб "падарингга лаънат" дегинг келиб кетади, деди киши ачиқланиш оҳангида.
Этим жунжикиб кетди. Сездирмай отамга қараб қўйдим. Отамнинг ёнидан жой олган қори боланинг отаси қизариб кетди. Паст товушда дона-дона қилиб сўз бошлади: – -– Алҳамдулиллоҳ, бу Аллоҳнинг фазлу карами. Бунинг учун яратгувчига ҳар қанча шукр айтсак оз. Очиғини айтсам ўғлимизни қори бўлишида мендан кўра оналаринг меҳнати кўпроқ сингган. Мен эрта ишга кетиб кеч қайтаман. Болаларнинг онаси доим улар билан бирга. Ҳар куни уч қатордан оширмай фарзандларига Қуръон ёдлатади. Тўрт беш қатор ёдлайлик дейишса ҳам оналари кўнмайди."Уч қатордан оширмайсизлар" деб қаттиқ туриб олади. Биҳамдиллоҳким, тўғри қилган эканлар, мана бу йил ўғлимиз пухта қори бўлдилар. Бола ҳар қанча ёмон бўлса ҳам "Падарингга лаънат" дейилмагани маъқулдир.
Хуфтон намозига азон айтилди. Зиёратчилар менга яхши тилаклар билдириб, биринма-кетин хайрлашиб чиқиб кетишди. Қори боланинг отаси билан хайрлашаётганимда:
– Ўғлингизга ихтиёт бўлинг, ёмон болаларга қўшилиб қолмасин,-дедим.
– Хўп,- деб жилмайиб қўйди йигит,кейин ўғлига қараб - амакининг гапларини эшитаяпсанми,-деб қўйди..
– Бу кекса одамнинг насиҳати эмас. Бошидан ўтган бир бечоранинг эслатмаси,-дедим.
Бола менга яқин келганда бояги туйғу менда яна қайталанди. Бу болани мен қаерда кўрганман?
Зиёратчилар чиқиб кетишди. Хонада дадам иккимиздан бўлак ҳеч ким қолмади. Бир оздан сўнг онам кириб келди. Сочлари анчагина оқариб қолибди. Хонани тартибга келтириб, меҳмонлар олиб келган ҳар-хил нарсаларни йиғиштира бошлади.
– Ойи,- деб чақирдим.
– Ҳа ўғлим.
– Қўлингиздаги ҳув анави ширинликни олиб келган ота-болани танийсизми?
– Қайси ота-бола?
– Палончи аканинг куёвини айтаяпти,- деди дадам тушунқирамай турган онамга.
– Ҳа-а, уларми – чўзиб гапирди онам,- Маҳалламизнинг бошидаги палончининг қизини эри билан ўғилчасида. У қиз ёшлигида бизникига келиб турарди-ку. Ажойиб келин бўлган. Қўли гул. Ширинликларни ҳам ўзи пиширган, пишир куйдирга жуда уста. Мен ҳам бир вақтлар уни ҳавас қилиб мўлжалаб юрардим... Мана ҳозир этаги болага тўлиб қолган, икки ўғли, икки қизи бор. Каттаси онасининг ўзи, қуйиб қўйгандек, бир томчи сувдек онасига ўхшайди. Жуда яхши жойга тушган. Ота-онаси қудага ёлчидик, деб суюниб юришади. Қўшгани билан қўша қарисин, бахтли бўлсин.
Юрагим чопқир отдек дукурлаб кетди. Онамнинг бу гаплари мени ўн беш йиллик ўтмишга қайтарган эди.
Қори боланинг ким эканлигини билдим, энди эсладим. Онасига ўхшабди.
Ўша куни ҳар хил ҳаёлларга бормай, "отам жаҳл устида "йўқ" деб юборса режа бузилади" деган гумондан қўрқмай онамга дилимга туккан сирни айтсам бўлар экан... Астағфируллоҳ, нималар деяпман... Астағфируллоҳ... Қўшгани билан қўша қарисин,бахтли бўлсин.
– Ўғлим, энди таҳоратингни алмаштириб олайлик, хуфтонни ўқиб сен ҳам дамингни ол. Эртага яна зиёратчилар келиб қолишади, деди онам. Обдаста, дастшўй кўтариб ёнимга келди. Ётган ўрнимда юз, қўлимни ювди. Караватимни қиблага буриб қўйди. Мен "Аллоҳу Акбар" деб такбир айтиб намозга кирдим. Қўлни қулоқ баробарига кўтариш ҳам йўқ, қўлни боғлаш, рукуъ, сажда, қиём ҳам йўқ. Бошимни сал буриб кўз қири билан икки ёнимга салом бердим...
Астағфируллоҳ, Астағфируллоҳ, Астағфируллоҳ.
Аллоҳумма антассалом ва минкассалом табарокта я зал жалоли вал икром...

Shokirbek
08-09-2006, 06:29 AM
Эртаси тонг отгач яна зиёрат бошланди. Бугун эшигимизни энг биринчи қоқиб келган киши менинг дўстим бўлди. Қўлида иссиқ нон, қаймоқ.
Дарвоқе сиз уни танийсиз. Ёшлигимизда ошналар билан соҳилга чиққанимизда бир чеккада гапга аралашмай ўтирган йигит шу эди. Ҳозир зиёратни ҳеч канда қилмайди. Менга, нафақат менга, балки ҳаммага баб-баравар таббасум билан боқадиган бу дўстим ўзимиз ўқиган мактабда ўқитувчилик қилаяпти. Унинг отаси жуда қаттиққўл эди. Отамга ўхшаш кўнгилчан эмас эди. Ўғлини кўча болаларига ҳеч қўшмасди. Гоҳида мактабга келиб, ўқитувчиларга ҳам қаттиқ-қаттиқ гапириб кетаверар эди.
– Кўзларингни очмайсизларми?! Қаерга қараяпсизлар?! Биз болаларни мактабга ўқишга жўнатсак, болалар мактабдан сигарет чекишни ўрганиб келаяти-ку!
–Бу гапларингизни директорга айтинг, тарбия ишлари бўйнча масъулга айтинг, деди, ўқитувчилардан бири бу одамга бас келишга ақли етмай.
Директорга ҳам айни шу сўзларни, айни шу оҳангда қайтарди.
–Биродар биз ҳам сизга ўхшаган одам, бир дона жонимиз бор. Мактабда нечта бола ўқишини биласизми?! Бир дона директор шунча тирмизакнинг орқасидан қоровиллик қилолмайди-ку!!
Фарзандларигизга ўзларинг хушёр бўлинглар. Қўлига ортиқча пул берманглар, ким билан ўйнаётганини назорат қилинглар. Ёмон болаларга қўшманглар,қуръонни ёдлатинглар иш-ҳунар ўргатинглар, спортга беринглар.бекорчидан худо безор. Бекорчиликдан безорилик келиб чиқади.
Болаларинг ярим кечаси уйга кириб келса ғинг демайсизлар-у,бир кор ҳол бўлса дарҳол мактаб, ўқитувчи, директорга осиласизлар,-деб директоримиз қўлини силтаб-силтаб, қаттиқ-қаттиқ гапирди. Директорга бас келишга ақли етмади чоғи, унга рад бермади. Шундан кейин дўстим даврамизда кўринмай қолди...
Қаранг-а, шу воқеъаларга ҳам ўн беш йилдан ошиб кетибди. Ўн беш йил ичида нималар бўлиб ўтмади, дейсиз. Мен эса ҳамон ўша-ўша кароватдаман. Бассейндан тўппа-тўғри кароватга ётқизилганимча қимир этмайман. Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳал ва аузу биллаҳи мин ҳоли аҳлиннор.
Лекин дилимни тирнайдиган бир нарса бор. У нарса менга ҳеч тинчлик бермайди. Соҳилларда биргаликда кунни кеч қилиб, қаҳ-қаҳлашадиган дўстларим қани? Саҳроларда биргаликда ов қилиб кабобхўрлик қиладиган дўстларим қани? Нега улардан дарак йўқ. Дўст дегани тилинг ҳам бормайди.
Ёки уларга Расулуллоҳнинг касал ҳолидан хабар олиш фазилати ҳақидаги саҳиҳ ҳадислари етиб келмадимикан? Ёки улар ҳам мендек қарғишга учраб бошқа бир караватда михланиб ётибдилармикин? Аллоҳ сақласин...
Салафларнинг гапи бор экан "Дўстингни ҳатоси учун 70 та узур изла, улар ҳақида нотўғри гумонга борма." Яхши гап, лекин амал қилиш мушкулроқдир.
Бемор одамнинг қиладиган иши бўлмаганидан кейин хотира дафтарини варақлаб, хотиралар оғушида яшар экан, маъзур тутасизлар.

(Shu o'rinda tarjimon chekinib, Furqatdan baytlar keltiradi)

Айламас ҳаргиз мурувват ошнолар, ёрлар,
Айламоқ гашти вафо ағёрлардиндур ғалат.

Тошбағирлардин мурувват истамоқликдир хато,
Шишага раҳм айламоқ сангхорлардиндур ғалат.

Фисқ аҳлидин хато уммиди эҳсону сахо,
Зуҳду тақво истамоқ фужжорлардиндур ғалат.

Фурқат, абнои замондин шиква қилмоқлик на сўз,
Чунки уммиди вафо ғаддорлардиндур ғалат.

Shokirbek
08-09-2006, 06:31 AM
Малҳам


Телевидение мухбири мендан сўраб қолди:
– Бошингизга тушган мусибат енгил эмас. Аллоҳ осон қилсин. Бу оғриқларга бардош қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Таҳсинга сазовар сабр-бардошнингиз,букилмас кучли иродангиз олдида лол қолиб ҳайратга тушганимизни яшира олмайман. Сир бўлмаса айтингчи, бу оғриқларни қандай енгаяпсиз? Бирон бир чора-тадбир, дори дармон деганларидек... ўзингизга маълумки, "Танаси бошқа дард билмас" дейилади. Соғлик қадрига етмаётганлар, озгина дардга сабр қилмай, шукр ўрнига шикоят қилаётган кимсаларга, қолаверса ҳаммамизга ҳам ибрат, ўрнак бўлиши учун сизга малҳам бўлаётган нарса ҳақида гапирсангиз.
– Бу саволингиз менга қаратилган биринчи савол эмас. Келганларнинг айримлари бу ҳақида сўрашади.
Очиғини айтганда жуда кўпчилик менга ҳамдард, ачинишади, қайғуришади, кўмак беришади, дуо қилишади, ибрат олишади. Лекин "Қимирламай бир жойда ётгандан кўра, ўлим афзал" деб калта ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳалигача менинг юзимга буни айтганлари йўқ. Буни фақат мен ҳаётнинг ўткинчи ташвишларига бардош қила олмай бўйнига сиртмоқ тортаётганлардан келиб чиқиб айтаяпман. Жонига суиқасд қилиш муаммо ечими бўла олмайди. Балки бу Аллоҳ инъом этган "Ҳаёт" неъматига нонкўрликдур. "Ҳаёт" неъматини қадирламасликдур. Муаммонинг бошқа ечимини излаш керак. Қисқа ҳаёти-дунёдан оқилона фойдаланиб абадий охират ҳаёти учун ҳозирлик кўриш керак. "Ҳамма лаззат шу моддада деб тушиниш ҳам катта янглиш, хато тушинчадир.
Ҳаётнинг ҳар бир сонияси қадр қийматга эга. Бир сониядан оқилона фойдаланиб жаннат аҳлидан бўлиб кетишимиз мункин, бир сонияни нотўғри мақсадда сарфлаб, ҳолат аксига кетиши мункин.
Аммо малҳамимга келсак, менга уни амакимнинг ўғли Валид олиб келиб берди. Валид менга иймон олиб келди. Валид менга куч- қувват, шижоат олиб келди. Валид олиб келган малҳам билан мен оғриқларни енгдим, куч-қувват ҳис қилдим, ҳаётга умид боғладим. Валид менга "Иймон" олиб келган эди. Ана шу иймон кўп дардларимизга малҳам бўлади. Хаста жамиятимиз, умидсизлик дардига мубтало бўлган замондошларимизнинг оғир дардларига даво бўлади.
Амакимнинг ўғли Валид отаси вафотидан кейин яхши томонга ўзгариб кетиб, хонадонларимизга ёруғлик олиб келди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Ҳолимдан шикоят қилмайман. Аллоҳ қазойи қадарига розиман, неъматларига шукр айтаман.
Лекин соғлик билан носоғликни, саломатлик билан бетобликни тенг билмайман. Соғликка нима етсин...

Shokirbek
08-09-2006, 06:34 AM
Орзуларим.

Мухбирларнинг одати бор. Ким билан суҳбат ўтказса, суҳбат ниҳоясида "келажакдаги режаларингиз ҳақида бир-икки оғиз..." деб саволлар оқимига чек қўйишади. Мен билан суҳбат қурган мухбирлар "режалар" ҳақида савол беришга ботина олмай, шунга яқинроқ қилиб "орзуларингиз" дейишади.
Фойдадан холи бўлмагани учун ўзимнинг озгинагина улкан орзуларим ҳақида қисқа тўҳтамоқчиман,ноумид шайтон...
Мен жуда-жуда орзу қилаётган дилимдаги истаклар, эзгу ниятларга етишиш учун сизларнинг имкониятингиз катта. Мен учун ушалмас орзудек туюлган дил майлларига сизлар учун шарт-шароит етарли, бунинг қадрига етмоқ керак.
Орзуларим кўп эмас, учтагина:
1-Қўлим билан Қуръони Каримни ушлаб, бармоқларим билан уни варақлаб ўқисам.
2-Пешонамни хотиржам, бемалол саждага қўйиб узоқ-узоқ сажда қилсам. Саждада Роббимга роз айтиб, жойнамозни ёшим билан ювсам.
3-Муштипар онамга хизмат қилсам. 35 ёшга кириб қолган ўғлининг йўргагини алмаштираётган мунисим қўлидан меҳнатни олсам.
"Келин қилсам, невара кўрсам кексайганимда бемалол ибодат қиламан" деган орзу билан ўтган бечора онажонимга чопқиллаб-чопқиллаб хизмат қилсам. Орзу ҳаваслари йўлида жонимни нисор айласам.
Байрамларда, тўй маросимларда янги кийим ҳарид қилиб "Онажон кийиб олинг,қутлуғ бўлсин, муборак бўлсин, сизга бирам ярашиғлик экан" дегим келади. Шу ёшга кириб онам бошига бир дона рўмол ташламабман-а.
"Қутлуғ ўғлим, сизга ҳам муборак бўлсин. Бошингиз омон бўлсин, тану жонингиз соғ бўлсин. Ўғил-қизларингиз орзу-ҳавасини кўринг" деган жонли жавоблар эшитишга қулоқларим муштоқ.
Эй отажонлар! Онажонлар, боболару моможонлар!
Ноқобил фарзандингиз ножўя иш қилиб қўйса дарҳол тил тепкисини босманглар. Қарғиш, дуойи бадга шошманглар. Бошқа иложини топинг, изланг, қидиринг. Иложи йўқ деманг, иложи бор. Қарғиш ургандан кейин иложини топа олмайсиз.
Фарзандларингизни ёмон болаларга қўшманг. Тенгдошларидан ажратиб ёлғиз ҳам қўйманг. Ёлғизлик ёмон. Инсон ёлғиз ўзи заиф, кучсиз бўлади, дўст-ёр, оға-инилар билан кучга тўлиб, бақувват бўлади. Ўғил қизларингиз ўйнаётган болаларни суриштириб билинг. У ким, қандай хонадондан, нималар ўйнаяпти?
Фарзад тарбияси йўлида қўлингиздан келган ҳамма чора тадбирларни қўлланг. Энг аввало "Сўранглар, бераман" деган Зоти таолога ялиниб ёлворинг, ўтиниб зорланинг. Ҳамма ширин уйқуга ғарқ бўлганда бедор бўлиб меҳробга келинг. Одамлар ёстиққа бош қўйганда сиз жойнамозга бош қўйинг. Сўраганнинг қўлини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилгувчи карамли зотга қўл чўзиб дуо қилинг. Сўгра ўзингиз,ҳа ўзингиз, хонадон ичида, кўча-кўйда, масжидда, маросимларда, бозор-ўчарда ва бошқа муомалаларда тирик намуна бўлинг. Болалар андозани албатта отасидан олади. Оталар эса Росулуллоҳдан андоза олсаларгина мувоффақиятга эришадилар.

Shokirbek
08-09-2006, 06:36 AM
Сўнги сўз ўрнида
Таржимондан

Сўнги сўзимиз ва умидимиз шуки, дуога кўз тутаётган биродарларингизни дуоларингизда унутманг. Жумладан маҳбуслар, мазлумлар, ғариблар, хаста-беморлар ва сизу биздан олдин охиратга равона бўлган диндошларингиз ва тенгдошингизни дуойи хайр билан ёдланг.Уламоларимиз сўзига кўра, мўминлар ҳақига дуо қилиш малакнамо қалби соф, покиза инсонлар сифатларидандир.
Ибрат:
Каъбани тавоф қилаётган эдим. Одам кўп. Қадам қўйгулик жой йўқ. Тавоф қилгувчилар кўплигидан пичирлаб дуо қилаётган кишининг дуоси сизга бемалол эшитилади.
Узоқ масофа босганлигим ва ҳаво иссиқлиги бўлиб анчагина толиқибман. Пичирлаб дуо қила бошладим. Мадорим йўқ, лоҳас бўлиб кўнгилдагидек зикр ва дуо қила олмаётган эдим. Иттифоқо, бир онахон ёнимда пайдо бўлиб қолди. Онахоннинг Аллоҳ таолога ҳамд айтиши, Байтуллоҳга етгазгани учун Яратгувчига шукр айтиши, зорланиб дуолар қилиши диққатимни тортди. "Аллоҳим, мусулмонларни азиз қил, Мустафо  умматини азизу мукаррам қил.
Аллоҳим, бирон¬-бир гуноҳимиз қолдирмай барчасин афв эт, бирон-бир ғам андуҳ қолдирмагин, қайғуга чўктирмагин, ораларимиздан ва мусулмонлар орасидан бирон-бир қарздор қолдирмай қарзини Ўзинг узишга кўмак бер. Ораларимиздаги ва мусулмонлар орасидаги барча касалларга шифо бер, касаллик қолдирмагин, маййитларимизни ва мусулмонлар маййитларини раҳматингга олгин, қабрларини мунаввар эт.
Ҳожатларимизни раво эт, биздек ҳожатманд бандаларингга ҳожатраво Ўзингсан. Зориққан муҳтож бандаларингга ҳожатбарор Ўзингсан. Илоҳо, зориқтирмагин фазли карамингдан зёд эт, хонадонларимиз ва диёрларимизни обод эт.
Бизларни ва жумла мусулмонларни ризқини кенг-мўл қил, ишларимизга ва барча мусулмонлар ишига ривож бер, касби-корларимиз ва улар касби-корига баракот бер. Мусулмонларга уни бер, буни бер... мусулмонларни ундан асра, бундан асра... дея дуо қиларди.
Тавоф қилаётганларнинг деярли барчаси мусофир, узоқ масофа босиб келган. Шунингдек бу онахон ҳам олисдан келгани билиниб турибди. Дуо қилишига, ҳимматининг баландлигига қаранг нафақат ўзини, балки жумла мусулмонлар ғамини ейди-я. Чарчоқ, машаққат нималигини билмайди. Қани энди қаноти бўлса-ю учиб юриб тавоф қилса. Қани энди иложи бўлса ҳамма мусулмонларни номма-ном исмини айтиб дуо қилса.
Ўз ҳолатимдан уялиб кетдим. Жумла мусулмонлар ҳақига эмас, балки ўзим ҳақимга ҳам эринчоқлик билан дуо қилаётган эдим, онахон дуосини эшитиб хижолат чекдим. Онахондан маънавий куч ва ибрат олиб юришим дадиллашди. Иштиёқ ва умид ила дуо қила бошладим.

Shokirbek
08-09-2006, 07:45 AM
Hikoyani (muqaddimasida kelgan til haqidagi pandnoma bilan birga) to'lig'icha word shaklida (winzipga joylashtirilgan) quyida o'qishingiz mumkin:

Mo'jiza
08-09-2006, 08:04 AM
Alloh Rozi bo'lsin!

Men o'rganadigan narsalar ko'p ekan.

Hikoyani o'qib ko'p narsa xayolimdan o'tdi.

"Ibrat"dagi Ayolning duolari menga va oilamga ham tegsin. Barcha musumonlarga Makkai Mukarramani ziyorat qilishni Alloh nasib etsin.

Katta Rahmat, Alloh rozi bo'lsin.