PDA

View Full Version : Моли Кўп Одам Бўлиш яхшими?


Uzbekistaniy
12-25-2006, 03:52 AM
Абу Зардан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“(Моли) энг кўп бўлганлар Қиёмат куни энг паст мақомда бўладилар, илло молни мана бундай, мана бундай қилган ва ҳалолдан топган инсон ундай эмас”. (Ибн Можа ривоятлари).



Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

1. Инсоннинг қўлидаги мол Аллоҳнинг молидир ва у вақтинчага бериб қўйилган. Уни берган Зот яқинда қайтариб олади ва ҳисоб сўрайди. Инсон молни қандай топиб, нималарга сарф этгани ҳақида жавоб беради.

2. Молни ҳалол йўл билан топган, унга ҳирс қўймаган, бахиллик қилмаган, исроф ҳам қилмаган, молни фақат яхши йўлларга ишлатган одам Охиратда биринчилар қаторида жаннатга киради.

3. Молни фақат бир хил йўналишда эмас, савоб ишларнинг ҳамма тури бўйича сарф этиш афзалдир.




Ҳадиси шарифнинг шарҳи:

Молу дунё инсон ҳаёти учун керакли ва зарур нарса. Қуръонда Аллоҳ молни тириклик омилларидан деб санаган. Ислом дини инсонни меҳнат қилишга, ҳаёт учун зарур миқдорда мол-дунё топишга, умрни поклик ва ҳалоллик билан ўтказишга буюради. Бировларга муҳтож ва юк бўлмасдан ҳаёт кечиришга тарғиб қилади. Мусулмонлар ўз динларини ривожлантиришлари, хайрли ишларни амалга оширишлари учун ҳам моддий қувватга эга бўлишлари керак.

Бироқ бу айтилганлар одам боласининг хатарли йўлларга кириб кетиб қолишига сабаб бўлмаслиги лозим.

Чунки Аллоҳ мол-дунёни одамлар учун фитна ва синов қилиб қўйганини ҳам таъкидлайди.

“Мол-дунёларингиз ва бола-чақаларингиз сизлар учун фақат синовдир”.


Аллоҳ инсонга мол бериб ҳам, уни фақир қилиб қўйиб ҳам синайди.

Мақсад, мўмин инсоннинг қалбини поклаш, уни дунёнинг ўткинчи матоҳига эмас, Охиратнинг абадий мулкига эриштиришдир.

Пул, молу давлат инсоннинг нафсига ёқадиган, унинг қалбини ўзига ром этиб, ҳақ йўлдан чалғитиб юбориши мумкин бўлган нарсадир.


Шу сабабли Аллоҳ ва Расул инсонларни ҳалол ризқ топишга буюриш билан бир қаторда дунёга берилиб кетмасликка, молпараст бўлиб қолмасликка, меъёрни билишга чақиришади.

Ўзининг ҳожатидан ортиқ мулкка эга бўлганларни эса молнинг ҳаққини адо этишга, закот беришга, молни фақат яхшилик йўлларида сарф этишга буюришади.


Мол нафсга ёқадиган нарса экан, Аллоҳ кимни фақирлик билан синаган бўлса-ю у бу синовга чиройли сабр қилиб ўтган бўлса, Аллоҳ ўша бандасини Охиратда албатта жаннатга киргизади.

Пайғамбаримиз менга жаннат кўрсатилди, жаннат аҳлининг кўпчилиги камбағаллар экан, дедилар.

“(Моли) энг кўп бўлганлар Қиёмат куни энг паст мақомда бўладилар”, деган сўзлари биринчи навбатда молнинг ҳаққини адо этмаган, закот бермаган одамларга тегишли. Моли кўп бўлган, аммо фақат закотнинг ўзи билангина чекланиб юраверадиган, садақа-эҳсоннинг зарур ўринларини кўра-била туриб ёрдам қўлини чўзмайдиганлар ҳам шу ҳадисда танқид қилинган одамлар қаторида бўладилар. Чунки бир мусулмоннинг бошига иш тушиб, ўзини ўзи эплолмай қолса, унга ёрдам бериш бошқа мусулмонлар устида вожиб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илло молни мана бундай, мана бундай қилган одам”, деган пайтларида қўллари билан ўнгга, чапга, олдинга ва орқага ишора қилдилар. Бундан кўринадики, эҳсон ва яхши амалларнинг фақат бир ёки икки тури билан чекланиб қолиш керак эмас. Инсон қўлидан келган ҳамма яхшиликни қилиши, ибодатнинг барча турларини бажаришга интилиши лозим. Ҳадисда айтилганидек, мол билан қилинадиган солиҳ амалларнинг қабул бўлиши учун у мол ҳалолдан топилган бўлиши шарт.

Холислик билан кўп солиҳ амаллар қилган одам Охиратда хор бўлмайди. Аксинча, у катта савобларни қўлга киритади. Умр ва мол ғанимат. Қилинган яхшиликлар ва ибодатлар Қиёматда гувоҳликка ўтади. Ўша куннинг оғир соатларида инсон ўзининг фойдасига гувоҳлик берадиган шахс, амал ва сўзга ниҳоятда муҳтож бўлади. У кунда бизнинг фойдамизга гувоҳлик берадиганларнинг сони қанча кўп бўлса, шунча яхши.

Манба: Мусулмон Ўзбекистон
http://muslimuzbekistan.net/uz/islam/sunnah/article.php?ID=1210

Huzur
12-29-2006, 01:52 PM
"fuqaroyi sobiriyn va ag'niyoyi shokirindan qay biri afzalligini bilolmadim" hadisi sharifining taqribiy maoli keltirildi.

ya'ni sabr etuvchi faqirlar va shukr etuvchi boylardan qaysi birining darajasi balandligi haqida taraddut qilionganligi haqida aytilgan ekan ushbu hadis.

islomiyatda qoralangan mulk - egasini Allohdan uzoqlashtiruvchi va gofil qoldiruvchi mulkdir. bunga "dunyo" ham deyiladi.

lekin mavjudiyati bilan savobli amallaru maqbul hatti harakatlarga sababiyat beruvchi mulk esa, oxiratga olib o'tilgan mulk bo'ladi. buni ham Allaohning nasib qilgan bandalari eplashadi. ag'niyoi shokirin mana shular.