View Full Version : расулуллоҳ йиғлаган кеча,,,
AbuMuslim
11-26-2007, 01:36 PM
http://www.islom.uz/images/26_11_07_2.jpg Хайрулла Хамидовнинг янги шеърлар тўпламини юклаб олиш учун куйдаги линкка ўтишларингиз мумкин... http://islom.uz/index.php?option=com_content&task=view&id=551&Itemid=1
AbuMuslim
11-26-2007, 01:41 PM
ЗАМОН БЎЛДИ
Яхшиларнинг камайиши ёмон бўлди,
Ёмонларга замона ҳам омон бўлди.
Ўзгаларнинг аҳволига кўп куйинма,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Ҳаққа чорлов калималар бошқа ёқда,
Ул журъатга бардош берар бош қаёқда?
«Вал ъаср»нинг тартибига дош қаёқда?!
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Содиқ дўстлар сен ҳақингда миш-миш айтар,
Қўни-қўшни ёв макридан минг бор батар.
Аёлингга пичирлаган сўзинг – хатар,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Зиноларни икки ёшнинг сайли, дерлар,
Оқсоқоллар бир хўрсиниб, майли, дерлар.
Юпун кийим замонанинг зайли, дерлар,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Илм аҳли маҳлиёдир сайқалларга,
Нифоқ урчир букун диний пайкалларга.
Тиловатлар ўқилганда ҳайкалларга,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Ҳа, азизлар, ҳар бир юмуш гумон бўлди,
Ҳақ йўлини тутган юзи сомон бўлди,
Олимларнинг хитобида огоҳ тўлди:
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Бир ўспирин ғамгин юрар кўрмайин эп,
Жумъасининг қазосига ўзини еб...
Бир қиз йиғлар: “рўмолимни юлдилар”, деб...
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Ҳой оталар, қабоҳатдан қўрқинг энди,
Ҳой оналар, жаҳолатдан қўрқинг энди,
Ҳой золимлар, қиёматдан қўрқинг энди,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
Яхши зотлар номи отлиқ ёмон бўлди,
Бад кимсалар замонаси омон бўлди,
Ўзгаларнинг аҳволига кўп куйинма,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!
AbuMuslim
11-26-2007, 01:52 PM
фаҚат таҚводорлар...
Ҳоқону, султонлар кўкраклар кериб,
дунёни чангитиб ўтиб кетишди,
ўйласам, дунёни уларга бериб,
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
дунё кимларгадир туюлди қафас,
баъзилар қалбига ўрнашди ҳавас,
Қасрлар ошиғи - фиръавн эмас,
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
бойликка кўнгил қўй, аммо бир кеча
кўзинг очилмайди, юмган ҳолингча!
гарчи бу ўйинда турли натижа,
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
дунёни ортиқча бахоладилар,
ўликлар қабрини дахоладилар,
пастназар кимсалар хахоладилар...
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
бир-бирин пул дея пичоқлаганлар,
кўнгил меҳварини пачоқлаганлар,
Қани бу дунёни қучоқлаганлар?!
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
куй-қўшиқ остида ҳофизлар қатор
ташна кўнгиллардан тарқатиб ғубор,
вале ўзларига тикибдилар дор...
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
Ҳаммани алдаблар, охир оқибат
шуаро ҳолинда йўқолди роҳат,
яна бир умид-ла, қарадим, фақат,
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
билмам не топмишлар дунёни тортиб,
буюк кибр ила саман от йўртиб?!
тўрва халтасини елкага ортиб
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
кимдир шодланса-да кўмилиб оққа,
етти ёт мисоли алам, фироққа,
бир хил нарх берилмиш боқманг қаёққа:
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
бу миллат бир эрур, русми ё дунган,
ё хитой элинда уйғур туғилган
дунёнинг нархини тўғри тушунган
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
чингизнинг фарёди оламни тутди,
аммо ер уни-да хўп осон ютди.
юз йиллик умрлар кўз юмиб ўтди,
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
бир замон кўринса ҳапқирган юрак
наполеон қабрида қолдими суяк,
юлдуз-у ер гувоҳ, шоҳиддир фалак:
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
етти иқлимдаги энг кибор ҳоким
умр поёнида шивирлади жим:
«ўлим келганида роҳатланган ким?» -
фақат тақводорлар ютиб кетишди!
дунё, таърифинг кўп, тинглаб куламан,
гоҳида тушунмай, ғамгин бўламан,
эртагинг охирин ахир биламан:
AbuMuslim
11-26-2007, 01:52 PM
биз каби
Қалбим оташида битилди ғазал,
Ғамбода кечадан келади кечгим...
муслима опалар, сингиллар, азал
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
тарихни ўқидим, у йиғлар беун,
келажак мўрида қоп-қора тутун.
мен жавоб бераман, сўзимга бугун
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
Ҳурлиқо фаранги ўқисин таҳсин,
яхшиси танлаган йўлидан қайтсин.
голливуд дод десин, қўшиқлар айтсин
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
тарих шоҳид бугун, қилмай баҳона,
мўмин юрагида буткул тантана.
ромео ўзини ўлдирсин яна
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
олам гул кийинди саодат сайли -
аёл ҳақ сўз айтди умар туфайли,
Қирол лир икки бор кўр бўлсин майли...
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
отелло қатл этди дездемонани
Қонга бўяб буткул гулдек хонани.
лек муслим бошида тутар онани,
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
аллоҳнинг ҳукмини билсангиз ёддан,
биз сизни севамиз ҳаддан-да ҳаддан.
жулия робертслар йиғлар ҳасаддан!
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
алий йўлга тушди, ҳилол, бирга юр!
Ҳолид қиличидан таралмоқда нур!
евгений онегин, четга ўтиб тур!
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
дунёвий севгига кўнгиллар зорми,
илоҳий чашмадан қонган ифторми?
Ҳақиқий мўминлар севсалар борми?
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
инсоф билан айтинг, қай элатда бор
фақат маҳрамига тўкилган виқор?
зино кўчасидан беркиниб, бедор
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
бечора таналар, ҳаммадан қолган,
бугун дунё узра фарёдлар солган.
буюк пайғамбардан насиҳат олган
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
кўрдим юзингизда гулгун чеҳралар,
ундан шаббода ҳам олар баҳралар.
кўнглимда бир сурур аста сирғалар:
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
мўмин кўрса, қалби билан кўради,
шу боис, юрак ҳам сокин уради.
севсак гар, ўртада аллоҳ туради
биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!
AbuMuslim
11-26-2007, 01:58 PM
залворли юк
(шайх муҳаммад содиқ муҳаммад юсуфга)
куни кеча сокин юртим
ихтилофларга тўлди,
бу ҳолатнинг аччиғиндан
ўзгалар хандон кулди,
очилиши керак бўлган
навниҳоллар тез сўлди,
сиз танлаган йўл аввалда
асл бардошдан бўлди,
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
вақти келди туҳматларнинг
зарбидан титрадингиз,
мусулмоннинг афъолидан
тунларда инградингиз,
индамасдан шогирдлардан
“панд-ўгит” тингладингиз,
бул зарбалар, ҳам таъналар
ўзбек, қардошдан бўлди,
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
ўзни тикламак йўлинда
бизга берилди имкон,
оддий мустаҳаб амалга
талашилган ул замон,
сулҳ истабон ўрта йўлни
тутсангиз ҳам беомон,
ул мажлислар поёни йўқ
мотам, кўз ёшдан бўлди,
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
икки томон бир-бирига
тошлар отди жон тикиб...
иккисининг отган тоши
ўтарди сизга тегиб,
икки томон тарсагига
хотиржам бошни эгиб
сабрингиз тошга айланган
мустаҳкам бошдан бўлди,
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
сўфийлар-у, салафийлар
ўртасида хотиржам
турмакликнинг ўзи эрур
катта жиҳодий олам.
Ҳиссиётин жиловлаган
то вазифа битар дам,
Ҳис қилдингиз – энг буюк ёв
баъзан сирдошдан бўлди...
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
жами айбу нуқсонимиз
душманларга билдириб,
бир суннатни тиклаймиз деб
ихтилофлар келтириб,
Қоронғулик ичра кездик,
машъалалар қидириб,
зиё иши барбир келиб
ойю, қуёшдан бўлди,
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
инша аллоҳ жамоатлар
бир саф тузсалар тезда,
тўхтаб қолган асрий карвон
йўлга тушгай бир изда!
ўрта йўлнинг намунасин
фақат кўрдим мен сизда,
шу боисдан ёзганингиз
яқин дилдошдан бўлди,
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
... бугун ўзбек заминида
ихтилоф камаймоқда,
“мўминлар қардошдир!” деган
шиор қулоч ёймоқда,
васатийдан воз кечганлар
турли ёнга тоймоқда,
энди бошқа йўналишга
эҳтиёж тамом сўлди!
Қанча тошлар отилса-да
бошингиз тошдан бўлди!
AbuMuslim
11-26-2007, 02:01 PM
йиҒла
мусулмонлик ундоқ иш эрмас,
мунофиқлик унга берар зеб.
гар даъватлар қулоққа кирмас,
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
фарқ йўқолса не ҳаром, ҳалол,
йиғлар кўкда ҳолингга ҳилол.
бомдод қазо бўлса бемалол
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
хаёлингни шаҳват банд қилса,
бундан вужуд завқ-шавққа тўлса,
суннат ишга қалбинг гар кулса
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
мол-дунё деб ухлай олмасанг,
дин деб юрак тиғлай олмасанг,
Қуръон ўқиб йиғлай олмасанг,
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
жаҳолатни қолсанг соғиниб,
хаёлингда беўол йўғриниб,
закотингни берсанг оғриниб
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
рамазонда рўзани тутсанг,
аммо анда надомат ютсанг.
тамаки деб ифторни кутсанг
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
чин ўрнида билиб ҳазилни
ишлатиб кўр ҳар хил усулни,
кўролмасанг тушда росулни
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
осийликка тутинсанг сармаст,
билки, қадим дардинг тузалмас.
ёлғон сўзга юзинг қизармас,
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
юрмасанг роб муддаосига,
талпимасанг ишқ садосига.
сесканмасанг Ҳақ нидосига
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
дўстингга гар исломни раво
кўрмаётган бўлсанг, бил, асло
мўминликка қилмагин даъво
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
гар қалбингда даъватдан ғурур,
йўлларингни ёритмагай нур.
эй хайруллоҳ, шодланмайин тур
йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!
AbuMuslim
11-26-2007, 02:03 PM
Росулуллоҳ йиғлаган кеча
Азон айтиб йиғлар Билолим,
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Тонг оттирдинг қандай, ҳилолим,
Росулуллоҳ йиғлаган кеча?!
Энг мукаммал азал қоида
Райҳон иси тутар пойида,
Қандай турар осмон жойида
Росулуллоҳ йиғлаган кеча?!
Анга ҳамроҳ ҳақиқий эрлар,
Таъзим айлар энг ваҳший шерлар.
Юлдузлар ҳам тўкилай дерлар
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Кулганида оқ дур сочилган
Гулҳарирдан бир нур сочилган,
Аммо қалблар беун очилган
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Кийик билан бўри дўстлашмиш,
Осмон ила замин юзлашмиш,
Етим кўнгли ғамгин бўзлашмиш
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Эй жамики хилқат, тинглангиз,
Бир ҳақиқат мавжуд, билсангиз,
Кулманг, ахир бўлмас кулсангиз
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Кулгусига офтоб ҳам шайдо,
Шафоат, деб йиғлар Ҳувайдо.
Ой юзида доғ бўлмиш пайдо
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Умар ерга ётмиш юзтубан,
Усмон тикар ўзига кафан,
Алий қучиб йиғлар дафъатан
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Кулгичдан нур уфурган сайин,
Завжаларнинг сўзлари майин.
Ҳафса, Оиша аҳволи тайин
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Сўзим тугар, сен ҳам инсонсан,
Йўлинг эгри, не ҳол – нодонсан?!
Эй Хайруллоҳ, нечун шодонсан
Росулуллоҳ йиғлаган кеча?!
AbuMuslim
11-26-2007, 02:12 PM
ДЎСТЛАР!
Юрак санчиб тез урарга ўтди бирдан -
Ҳаловатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Алангладим ён атрофга хавотирдан,
Ибодатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Минг ҳаққини ютиб қўйди мусулмонлар,
Қоринлари кўпроқ тўйди мусулмонлар,
Риёкорлик тўнин кийди мусулмонлар
Итоатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Тирик мурда тўлди, аммо тобут йўқдир,
Гуноҳлардан асрагувчи совут йўқдир
Авом тугул, имомларда субут йўқдир,
Садоқатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Тилда бол-у, қилган иши ғирт заҳардир,
Мунофиқлик бир эмас, минг кеч саҳардир,
Ким кўп ёлғон деса, ўша савдогардир
Тижоратдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Бир-бирларин ғажиб ётмиш хатойи деб,
Ном олмишлар булбул ҳониш, садоий деб,
Тажвидларин тўғриларлар худойи деб
Тиловатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Ҳаммасига кўникинг сиз, қонлар ютманг,
Фойда йўқдир, ривоят деб китоб титманг,
Намозхонин қизларидан ҳаё кутманг,
Ҳижолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Лафз изламанг, минг талоқ бир талоқ бўлди,
Топган тутган фатволари гуноҳ бўлди,
Тамакию, нос тупуриш мубоҳ бўлди,
Кароҳатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Аллоҳни бир, деган инсон қилса риё,
Оят, ҳадис турмушида бўлса рўё,
Саҳарларда булбул зикр қилар, аммо
Тароватдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Жамоатлар фирқаларга бўлиндилар,
Дум, патлари курк товуқдек юлиндилар.
Вужуд-ла бир, қалбан қатл қилиндилар,
Муҳаббатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Бу умматнинг фақири гар бир лоф урса
Тоғлар қулар бу кибрга қарши турса,
Фиръавнни ҳайрон айлар қаср қурса,
Саҳоватдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Ҳеч бири не бўлар демас қиёматда,
Хиёнатлар хўп кўпаймиш омонатда.
Пора ҳалол ҳисобланган бу умматда
Диёнатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Эр деганлар эртаю, кеч уйда ухлар,
Аёлидан на ҳижолат, на қалб тиғлар...
Қиз жувонин аҳволига маймун йиғлар
Балоғатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Қулаб кулга айланди-ку Хивалари,
Чорвасида қўйдан кичик тевалари,
Дон эксалар, дондан кичик мевалари,
Барокатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Бирортаси кечар билмас молу жондан,
Аллоҳ учун бош чиқармас хонадондан,
Мунофиқни ажратолмам мусулмондан
Фаросатдан асар ҳам қолмади дўстлар,
Бир тарафни айлайдилар карвонбозор,
Бир томонда масжид бўлар қадим мозор,
Пирга қўлин берарлар-у, худо безор,
Мурувватдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Мўмин бўлиб, мақсадлари кайф бўлди,
Саҳобалар сийратлари хайф бўлди,
Олимларга бу диёрлар Тоиф бўлди,
Муҳаммаддан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Гапирсалар шариатдан, кулгим келар,
Минг турламиш юзларин бир юлгим келар,
Кас жонларин олар қотил бўлгим келар,
Далолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.
Бирисида ботирлик бор, фаросат йўқ,
Бирисида қўрқоқлик бор, жасорат йўқ,
Муҳаммадий умматига кўп қилманг дўқ,
Шижоатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.
Гапирдик кўп, амаллардан кетди ҳаёт,
Узоқларга қочиб кетмиш биздан нажот.
Қиёматда йиғлаб турар бўлсак, ҳайҳот,
Шафоатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.
Дўстимизни қатл этдилар, шархлолмадик,
Мўминликнинг қийматини нархлолмадик,
Ҳаром бирла ҳалол кўрсак, фарқлолмадик,
Надоматдан асар ҳам қолмади, дўстлар.
Амир бўлмиш олимларнинг кўринг ҳолин,
Анинг бирла истаганин қилар золим,
Бу тарафда қуролланган аҳли олим,
Муросатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.
Минг яхшидан афзал ўтмиш ёмонларим,
Хўв, қайларга қочдингиз ўнг томонларим,
Китобларга жило бўлган замонларим
Хилофатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.
Қайга боқманг, ғаним ўтлиғ, ёв ғолибдир,
Мўмин деган тўрт тарафга хўп нолибдир,
Ҳамма бирдек гумраҳликни тан олибдир,
Шикоятдан асар ҳам қолмади, дўстлар.
Эй ғўр нафсим, хотиржамсан, тинмай ухла,
Ўтмиш ўтди, сен мозийни шифтга михла,
Али, Усмон даврларин эслаб йиғла,
Матонатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Савдо демиш қутлуғ йўлда берарлар жон,
Лек бомдодга очилмас кўз топиб имкон,
Қайда қолди Аллоҳ деяр битта инсон?
Лаёқатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Аробани ким қаёққа тортса тортди,
Қўл қаварди, оёқларда шишлар бўртди,
Бу ҳаётнинг жиддийлиги ортса ортди,
Ривоятдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Манга алам, Чингизларни сўлжайтирган,
Ботуларнинг ўнг йўлини сўлғайтирган,
Термизийни, Бухорийни улғайтирган
Салтанатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Диним дея ёноқлари намлар қани,
Одамларни ухлатмаган ғамлар қани,
Ҳар қишлоғи олим берган дамлар қани?
Ул шавкатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Ҳофизлардан танга йиққан шоирлар кўп,
Пишмай туриб сувин сиққан шоирлар кўп,
Тўрт қаторни шеър деб чиққан шоирлар кўп,
Шеъриятдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Араб сори сафар қилманг, минг ювиқсиз
Дин номидан нон топурлар ҳалойиқсиз,
Мазҳабига юрмасангиз, мунофиқсиз,
Рисолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Башар ўғли муаммога хўп йўлиқмиш,
Бунда нафси улуш қилган дардни йиқмиш,
Лек ҳар тузум манфаатдан келиб чиқмиш
Адолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Кўринг мунда табибликка даъволарни:
Ўйлаб чиқиб турлик туман балоларни,
Сўнгра эълон қиларлар минг даволарни
Табобатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Ҳамма билар: ёлғончи сўз - заҳар майдир,
Уни мўмин ўз дўстига ичирмайдир,
Тақводори ваъда берса, бажармайдир,
Омонатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Илмлиси кўп кулодур отиб ҳанда,
Ўзгаларнинг аҳволоти пароканда,
Ҳақ сўзга жой қолмаган бу гулмаконда
Ҳидоятдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Сувлари терс оққан кунлар ҳалак бўлди,
Саҳобалар ҳодисоти эрмак бўлди,
Валийларни кўрган дамлар эртак бўлди,
Кароматдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Айтишарди жаннат асли эрур ватан,
Ул манзилга то етгунча йўллар тикан,
Кўрдим мано бу дунё хўп сотқин экан,
Бу роҳатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Эй Хайрулла, хайр сени тарк этмасдан,
Худо учун иш қилиб қол, жон кетмасдан,
Қара, телба дунё сени қаритмасдан
Фароғатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
AbuMuslim
05-18-2008, 01:37 PM
Расулуллох йиглаган кеча шеърий тўпламининг манзили ўзгарди...
http://islom.uz/index.php?option=com_remository&Itemid=26&func=fileinfo&id=9
vBulletin® v3.7.0, Copyright ©2000-2008, Jelsoft Enterprises Ltd.